Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, нефть-газ, машинасозлик, савдо-саноат, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, геология ва минерал ресурслар, металлургия, кимё ва озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори технологиялар, таълим ҳамда ахборот технологиялари каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги алоқалар барча жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётгани, ушбу мажлис ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини ишга солишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси йил сайин ошиб бормоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 453,8 миллион долларни ташкил қилди.
Ўзаро муносабатларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга. АҚШнинг “Coca-Cola International”, “General Electric”, “CNH Industrial”, “Honeywell”, “US Inc.” каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Тадбирда АҚШнинг ўттиздан зиёд йирик компаниялари вакиллари иштирок этди.






