Тошкент шаҳрига ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва пойтахт ички ишлар, солиқ, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан мусодара қилинган 180 минг 880 дона турли хилдаги пиротехника воситаси махсус комиссия иштирокида йўқ қилинди.
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Шу боис ички ишлар, солиқ идоралари, божхона қўмитаси ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус гуруҳлар иштирокида мамлакатимиз ҳудудида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
2016 йил 13 декабрь куни пойтахтимизнинг Миробод деҳқон бозорининг Фарғона йўли кўчасидаги Фарғона шохобчасида 10 минг донадан зиёд пиротехника воситаси ўз «харидорлари» қўлига етиб боришининг олди олинган бўлса, 20 декабрь куни Юнусобод туманида ўтказилган тадбирда ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган фуқаролардан бирининг ёнидан 12 минг 400 дона пиротехника воситаси далилий ашё сифатида олинган.






