Сиз картошкани яхши қовура олмаяпсиз, гречкали бўтқангиз эса бувингизнинг эски чўян қозонида пишган бўтқадек мазали чиқмаяптими? Шунинг учун ҳам сиқилиб ўтирибсизми?! Бу асабингиз бузилишига арзийдиган муаммо эмас! Овқат пиширишни билмайдиган аёллар бўлмайди, фақат нотўғри танланган идишлар бўлади.
ЧЎЯН
Бу металлнинг иссиқлик ўтказиши нисбатан паст бўлгани учун иссиқлик чўян идишда бир текис тарқалади ва узоқ вақт сақланади. Чўян ёки чўзиқ қозонларда узоқ пишириладиган овқатлар, масалан, гўшт димлаш ёки палов тайёрлаш мумкин (бундай идишларда овқат дарров тагига олиб кетмайди).
Афзаллиги. Шакли ўзгармайди, ранги ўчмайди, салга қирилмайди, узоқ вақт хизмат қилади.
Камчилиги. Секин қизийди. Чўян тез занглайди. Шу боис, бундай идишдан фойдалангач, уни дарҳол қуруқ латтада артиш керак. Бу нозик металл тушириб юборилса, дарз кетиши мумкин. Ундан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш лозим. Бундай идишда тайёр таомларни узоқ вақт қолдирманг. Масалан, гречкали бўтқа чўян идишда қораяди. Аммо эмаль билан қопланган чўян бундай камчиликлардан холи.
ЗАНГЛАМАЙДИГАН ПЎЛАТ
Зангламайдиган пўлатдан ясалган идиш — ажойиб нарса: у қулай, гигиена талабларига жавоб беради, деярли умрбод хизмат қилади. Юзаси ялтироқ, бу фақат чиройлигина эмас, балки хизматбоп ҳам. Бундай юзалар хираларига қараганда секинроқ совийди, натижада овқат анчагача иссиқ туради. Пўлат идиш сотиб олганда албатта деворларининг қалинлигига (энг маъқули 0,6-0,8 саналади) ва жилосига (қанчалар зўр ялтираса, овқат шунча секин совийди) эътибор беринг.
Афзаллиги. Оксидланишга қарши чидамли, қайнатганда айрим маҳсулотлар фойдали хусусиятлари, таъми ва ҳатто витаминларини ҳам йўқотмайди: унда тайёрланган таом узоқ сақланади. Осон ювилади, ҳар доим янгидек кўринади (фақат вақти-вақти билан ички юзасини ёҚ билан артиб туриш керак). Узоқ хизмат қилади.
Камчилиги. Никелга аллергияси бор одамларга тавсия қилинмайди. Яна бир камчилиги — иссиқлик ўтказишнинг пастлиги. Лекин кўп қаватли семиз тубли идиш сотиб олсангиз, бу камчиликни ҳам бартараф этса бўлади.
АЛЮМИН ИДИШ
Енгил, арзон, узоқ хизмат қилувчи алюминий идишлар бир неча ўн йил аввал жуда оммалашган эди, лекин бугун замонавий материаллар уни сиқиб чиқаряпти. Лекин шунга қарамай, айрим бекалар алюминий идишларни ҳамон ишлатишади.
Афзаллиги. Нисбатан арзон, енгил ва узоқ хизмат қилади. Алюминий иссиқликни яхши ўтказади. Шу боис бунда сув тезроқ қайнайди.
Камчилиги. Кислотаси юқори бўлган маҳсулотларни тайёрлашда (лимон, шавель ва шунга ўхшашлари) бу металл парчалари организмга тушиши мумкин, бу эса асаб ва суякларга салбий таъсир кўрсатади. Хулоса: бундай идишда маҳсулотларни қайнатиш мумкин, аммо тайёрланган таомларни сақлаб бўлмайди. Ўта ингичка деворли идишларнинг шакли тез бузилади, шунинг учун алюминли кастрюлкаларнинг семиз деворлисини танлаган маъқул.
СИРЛАНГАН ИДИШЛАР
Бундай идишларни чўян ёки темирдан ясашади, 2-3 қаватли шишасимон эмаль билан қоплашади, бу уни коррозиядан яхшироқ сақлайди.
Афзаллиги. Унда кўп таомларни тайёрлаш, ҳар қандай маҳсулотларни сақлаш, ҳеч чўчимай тузламалар ва маринадлар қилиш мумкин. Ортиқча асрашни талаб қилмайди.
Камчилиги. Таом тайёрлашда эҳтиёткорликни талаб этади. Озгина эътиборсизлик қилсангиз, тагига олади. Сир тез кўчади, шунинг учун бундай идишлар узоқ хизмат қилмайди. Сири кўчган идишда таом тайёрлаш хавфли: металлар қўшилуви натижасида заҳарланиш мумкин. Бундан ташқари, озгина жойида сири кўчган идишда ҳам маҳсулотларни қайнатганда, витамин С бир дақиқанинг ичидаёқ йўқолади. Шунинг учун зангламайдиган пўлат ҳошияси бор сирли идишларни сотиб олган маъқул.
ОЛОВГА ЧИДАМЛИ ШИША
Сўнгги пайтларда айнан шундай идиш урфга кираяпти. Бу материал инерцияли бўлгани учун маҳсулотлар билан реакцияга киришмайди. Микротўлқинли печлар ва духовкаларга мос.
Афзаллиги. Иссиқлик ўтказиш пастлиги боис бундай идишда иссиқлик узоқ сақланади. Гигиеник, экологик талабларга жавоб беради. Осон ювилади ва унда қасмоқ тўпланмайди.
Камчилиги. Анча қиммат туради. Шиша кастрюлкалар билан ўта эҳтиёт бўлиш керак. Уларни ҳар қандай иситувчи асбобга қўйиш мумкин. Фақат тагига оловни кесадиган металл сетка қўйиш лозим. Шиша металлга қараганда иссиқликни ёмон ўтказгани учун бир текис қизимай, дарз кетиши мумкин. Металл оловнинг тафтини кесадиган сетка эса иссиқликнинг бир текис тарқалишига ёрдам беради.
Комила НОСИРОВА тайёрлади






