АсосийDunyo

​Ҳайвонот боғига яширинча кирган хитойлик эркакни йўлбарслар ғажиб ташлади

'​Ҳайвонот боғига яширинча кирган хитойлик эркакни йўлбарслар ғажиб ташлади'ning rasmi

Хитойнинг Нинбо шаҳридаги ҳайвонот боғига чиптасиз кириш учун яширинча, девор ошиб кирган эркакни йўлбарслар ғажиб ташлади, деб хабар қилди “Ria.ru” нашри.

Воқеа якшанба куни Чжэцзян вилоятидаги ҳайвонот боғида рўй берди. Гувоҳларнинг маълумот беришича, эркакка аввалига битта йўлбарс ҳужум қилган бўлса, кейин уларнинг сони учтага етди.

Чжан фамилияли эркак ҳайвонот боғига рафиқаси ва болалари билан келган. Чжан уларга чипта сотиб олган, ўзига чипта олмасдан, тақиқ белгилари бўлганига қарамай, ҳайвонот боғининг уч метрли деворидан ичкарига сакраб тушишга қарор қилди. Девордан ичкарига сакраган эркак йўлбарслар яшовчи катакка тушиб қолди. У ерга тушиши билан йўлбарслардан бири ҳужум қилди. Ҳайвонот боғи ва полиция ходимлари йўлбарсларни мушаклар ёрдамида ҳайдашга уринди. Биринчи бўлиб ташланган йўлбарс эса отиб ўлдирилди.

Маъмуриятнинг хабар беришича, ҳозирда ҳайвонот боғи ёпилган. Маҳаллий ҳукумат вакиллари сайёҳлар ташриф буюрадиган жойларда хавфсизлик чора-тадбирларининг қай ҳолатда эканлиги юзасидан текширув ишларини бошлади. Бахтсиз ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар