АсосийJamiyat

​Хоразмда Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлик марказининг филиали ташкил этилади

'​Хоразмда Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлик марказининг филиали ташкил этилади'ning rasmi

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифининг иккинчи куни Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали билан танишди, деб ёзади ЎзА.

Мазкур шифохона аҳолига даволаш ва профилактика хизмати кўрсатиб келмоқда. Кардиология, кардиореабилитация, кардиохирургия, интервенцион кардиология ва физиотерапия бўлимлари, поликлиника фаолият юритмоқда.

Ушбу тиббиёт маскани негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонларини аниқлаш ва даволаш, йилига 3 мингдан зиёд беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратади. Мазкур шифохона Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлади.

Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ривожлантириш, ўқув юртларида қишлоқ врачлик пунктларига ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш, касалликларни эрта аниқлашга эришиш, профилактика ишларини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш долзарб масалалар ҳисобланади. Бундай марказлар беморларни даволаш билан бирга ана шу ишларга ҳам салмоқли ҳисса қўшиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида 1100 га яқин талаба таълим олмоқда. 16 кафедрада 161 профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.

Ушбу филиал негизида И.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиника ташкил этилмоқда. Унда эндокринология, отолорингология, гематология, аллергология, терапия бўлимлари очилади. Университет олим ва шифокорлари бу ерда дарс беради, диагностика ишларини олиб боради ва даволайди. Талабалар клиникада замонавий даволаш усулларини чуқурроқ ўрганади.

Президентимиз Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали ва Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида ташкил этиладиган бу икки муассаса Оролбўйи аҳолиси учун тарихий ва ижтимоий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Бу марказлар мазкур ҳудудда кўп учрайдиган касалликларни самарали даволаш, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг билим ва малакасини оширишда муҳим ўрин тутади.

    Бошқа янгиликлар