АсосийSUG'DIYONA

​Гормонлар «қўзғолони»нинг 10 белгиси

'​Гормонлар «қўзғолони»нинг 10 белгиси'ning rasmi

Мавсум алмашинуви кутилмаган ўзгаришларни ҳам сабаб бўлади. Баъзан ўз-ўзидан йиғлагимиз келса, баъзида ҳиссиётларимизни англай олмаймиз. Энг қийини, бу ҳолат билан мустақил курашишни ҳам эплолмаймиз. Бундай пайтда ҳар қанча «Ўзингни қўлга ол», дея такрорламайлик кор қилмайди. Демак, ўзимизни айблашга ҳожат йўқ. Зеро муаммо тор феълимизда эмас, бизни бошқараётган гормонларда! Улар ўйин кўрсата бошласа, яхшилаб даволаниб олмагунингизча, ҳаловат топмайсиз. Аксарияти инсоннинг яшаш тарзига боғлиқ. Эътиборингизга ҳавола этилаётган маълумотларга диққат қаратинг, қуйидаги 10 белги сизда кузатилса, даво чораларини кечиктирманг. Мутахассис шифокор-терапевт Шаҳноза САИДОВА.

1. «Асабимга тегманг, одамлар!»

Кейинги пайтларда ҳамма нарса асабингизга тегадиган бўлиб қолган. Бир гап кўп, яримтаси оз, деганларидек, арзимаган гапдан таъсирланиб йиғлаб оладиган одат чиқаргансиз. Асабларингиз таранг тортилган ипга ўхшайди, гўё ҳозир узилиб кетадигандек. Уйда болаларнинг хархашасига 5 дақиқадан ортиқ чидолмайсиз, ишда ҳамкасбларнинг жаранглаган кулгусидан жазавангиз қўзийди, тунда қўшниларнинг тақир-туқуридан уйқу йўқ. Кўз очиб кўрган жуфтингизнинг хурраги шу кунларда умуман ёқмаяпти. Ҳамма гап гормонларда!

2. Беқарорлик аёлга хос?!

Кайфиятингиз соат мили бир дақиқа айланиб улгурмай ўзгаришига нима дейсиз? Қойил-э, шу бугуннинг ўзида уйдагиларнинг кўзига минг хил қиёфада кўриндингиз – бир қараса, мунгли фаришта, бир қараса, пихини ёрган айёр… Тавба, аёлнинг макри деб шунга айтишса керак-да? Аслида сизнинг заррача айбингиз йўқ, бу гормонларнинг иши...

3. Сув ичсангиз ҳам семирасиз

Нон, картошка, ширинлик емагангизга йилдан ошди, аммо озиш ҳалигача орзу бўлса, наилож. Ҳар куни саҳарлаб югуриш, фитнес ҳам ёрдам бермаяпти, денг. Ахир бу гормонлар ўйини-да! Уларни тинчлантирмагунча озолмайсиз.

4. «Туклардан безорман»

Кейинги пайтларда кўкрак, ияк ва лаб устидаги туклар кўпайгандек. Уларни қанча териб депиляция қилманг, дарров яна пайдо бўлмоқда. Ишқилиб, асабийлашиш учун яна бир сабаб бор.

5. «Фақат бугунмас, адаси»

Бу аёлга нима бўлган ўзи? Эрингиз кайфиятингизга мослашолмай ҳалак. Бугун ташаббус ўзингиздан чиқиб, туни билан кўнглини овлайсиз. Эртасига эса тўшакдаги совуққон муомалангиздан эрнинг кўнгли музлайди. Нима ҳам дердик, эрингизга тўзим берсин. Аммо гормонларга таҳлил топширмасангиз, аҳволим танг деяверинг.

6. Ҳуснбузарлар ҳам жим турмайди

18 ёшини қўмсаганлар диққатига: қайтган нарсани чорламанг, йўқса яна ўсмирлик давридек ҳуснбузар тошади, ишонаверинг. Уларнинг оғриқли эканини-чи, скраб, суртма дори ҳеч нарса ёрдам бермайди-я… Бу ҳам гормондан дейсизми, худди ўзи!

7. Тери қичиши

Негадир терингиз қичишадиган бўлиб қолган. Айниқса, қўл тегиши қийин бўлган соҳалар – елка, умуртқа соҳаси, қўлларнинг ўзиёқ тинимсиз қичишади, хуллас, пул келишига эмаслиги аниқ.

8. Терлашга қарши нима бор?

Сотувчи мақтаб сотган терга қарши восита ёрдам бермай қўйдими? Айб маҳсулотнинг сифатида эмас, тинчланинг. Кўп терлаш гормонлар жунбушга келганини ҳам билдиради.

9. «Ой кўришим ўзгарган»

Ҳайзингиз вақтида келмаслиги одатга айландими? Гоҳ муддатидан олдин, гоҳида умуман келмаслиги мумкинми? Дарров шифокорга! Бу билан ҳазиллашиб бўлмайди.

10. «Уйқуда ҳаловат йўқ»

Овқатдан кейин дарров ёстиқ ўзига чорлайди. Лекин ярим тунда уйғониб қилинмаган ишларни эслайсизми-ей, ана ундан кейин эрталабгача уйқу йўқ. «Қуш уйқу»дан кейин ишга боришни айтинг, узуккун бош оғриб чарчоқ қийнайди.

Шошиламиз!

Юқорида гормонал бузилишнинг 10 белгисини таърифладик. Агар сизда буларнинг атиги 5 таси кузатилса, учта шифокор кўриги сизга мунтазир. Терапевт, эндокринолог ва гинеколог кўригида ўзингизда бўлаётган ўзгаришларни оқизмай-томизмай борича айтинг, муаммонинг асл сабабини аниқлаш учун бу зарур. Даволанишга жиддий киришсангиз, тез орада ҳаммаси жойига тушганини кўриб, бизга албатта, раҳмат айтасиз.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар