Турли қарама-қаршиликларга, зиддиятларга тўла бу оламда том маънодаги инсон бўлиб қолиш, қийин вазиятларга тушиб қолган одамларга ёрдам бериш энг асосий вазифалардан биридир. Биз эзгуликнинг эътиборсиз қолмаслигига, ҳар бир яхшилик бу дунёни озгина бўлса-да, ижобий томонга ўзгартиришига ишонамиз.
Бир кўзи ожиз бўлган йигит ҳеч ким сотиб олишни истамаган ягона кўзли кучукчани сотиб олди

Жордан Трентнинг бундан бир неча йиллар муқаддам бир кўзи кўрмай қолди. Шифокорлар унинг кўзини даволай олмади. Кучукча сотиб олиш мақсадида бозор айланиб юрган Жордан ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган, бир кўзли кучукчани кўриб қолди. Кучук боласининг бир кўзи йўқ эди. Жисмоний камчилигига қарамай, Жорданнинг оиласи кучукчани илиқ қарши олди. Кучукчанинг Жорданнинг хонадонида бахтли ва шодон ўсаётганлигини Instagram саҳифаларидаги суратлардан ҳам сезиш қийин эмас.
Санта-Клаус билан суратга тушиш учун навбатда турган болакай ухлаб қолди

Олти ойлик Зик Уолтерсни ота-онаси Санта-Клаус билан биргаликда суратга тушириш учун савдо марказига олиб келди. Аммо навбат узундан-узоқ бўлгани боис, бола чарчаб, ухлаб қолди. Шунда Санта унинг ота-онасидан болани уйғомасликни илтимос қилиб, ўзи ҳам ухлаб ётган одам қиёфасига кириб, бола билан бирга расмга тушди. Сурат жуда ҳам ажойиб чиқди!
Уйсиз-жойсиз болаларга ўйинчоқлар билан бирга дўконни совға қилган аёл

Нью-Йорклик Кэрол Сачмэн исмли аёлнинг ажойиб одати бор. У ҳар байрамда турли хил ўйинчоқлар сотиб олиб, уларни муҳтож оила болаларига совға қилади. Бу сафар ҳам ўйинчоқ сотиб олиш учун дўконга борганда, унинг инқирозга юз тутганини кўриб, миясига бир фикр келди. У камбағал оила фарзандларини янада қувонтириш мақсадида дўконни ўйинчоқлари билан бирга сотиб олиб, совға қилди.
Саратонга чалинган беморларга сочини совға қилган қизча

Эмили Жеймс эндигина уч ёшга тўлган, кичкина қизча бўлса-да, унинг эзгуликларга тўла, улкан юраги бор. У ўзининг узун кокилларини саратонга чалинган болаларга совға қилди. Бу ғоя унинг онасига тегишли бўлиб, у ҳам болалигида сочини кимётерапия олган, саратон касаллигига чалинган болаларга совға қилган эди. “Болаларнинг сочи тўкилгандан ўксишларини истамайман. Шунинг учун уларга ўз кокилларимни совға қилдим”, дейди кичкинтой Эмили.
Инсультни бошдан кечирган бемор йўловчини стюардесса овқатлантирди

Хитойнинг йўловчи ташийдиган самолёти бортига чиққан, инсульт туфайли танасининг бир тарафи фалаж бўлиб қолган йўловчи эркакка олдинги қатордан кенгроқ жой ажратилди. Бемор эркак рафиқаси билан эконом-классда учаётган эди, унинг аёлига қўшни ўриндиқдан жой беришнинг иложи бўлмаганлиги боис, улар алоҳида-алоҳида ўтиришга мажбур бўлишди. Тушлик тарқатилганда, бемор эркакнинг қошиқни базўр кўтариб, овқат ейишга ҳаракат қилаётганини кўрган стюардесса унга ўз ёрдамини таклиф қилди. Стюардесса чўккалаб ўтирганча, эркакни овқатлантиришга киришди. Унинг бу иши йўловчиларнинг миннатдорчилигига сабаб бўлди, эркакнинг ўзи эса кўз ёшларини тия олмади.
Итларни кечаси тунаш учун қаҳвахонага киритадиган одам

Грециянинг Митилини шаҳрида жойлашган қаҳвахоналардан бирининг хўжайини буюк қалб эгаси эканлигини исботлади. Кечқурун сўнгги мижоз қаҳвахонани тарк этгандан кейин у кўчадаги дайди итларни тунаш учун қаҳвахонага киргизади. Бечора итлар иссиқ, шинам қаҳвахонада ҳеч нимадан хавотир олмай, хотиржам равишда уйқуга кетишади.
Болани олов қаъридан қутқарган қаҳрамон йигит

Бир куни 25 ёшли Олег Тронов яшайдиган уйда ёнғин чиқди. Зинапоя қуюқ тутунга тўлди, Олег қўшни балконда бола кўтариб олган икки аёлни кўрди, улар оловдан қутулиш йўлларини қидирарди. Йигит ўйланиб ўтирмай, ўзининг томи орқали қўшни балконга ўтиб, бир ёшли болани ёнғиндан қутқарди. Бирпасда етиб келган ўт ўчирувчилар эса уйдаги қолган одамларни олиб чиқди. Қутқарувчилар Олег Троновни кўрсатган жасорати учун мукофотга лойиқ кўришди.
3 миллион гектар чўлу биёбонни серҳосил ерга айлантирган фермер

Савадого исмли бу одамнинг ўтмиши узоқ 1974 йилларга бориб тақалади. У ўзининг она ватани бўлмиш Буркина-Фасони қурғоқчиликдан қутқаришга қарор қилди. Қурғоқчилик туфайли аксарият ватандошлари уй-жойини ташлаб, кўчиб кетишга мажбур бўлди. Савадаго эса қадимий усул орқали тупроққа органик ўғит, сув ва уруғ орқали ишлов беришни йўлга қўйди. Мамлакат бўйлаб мотоциклида юрганча, ўзининг тажрибасини бошқаларга ўргатди. Орадан 40 йил ўтиб, 3 миллион гектар ер Савадагонинг саъй-ҳаракати билан унумли, серҳосил ерга айланди.
Меҳмонхонада юмшоқ ўйинчоқ қуёнчасини унутган қизалоққа ходимлар қуёнчанинг таътили ҳақидаги фотоҳисоботни юборди

Ирландиядаги меҳмонхона ходимларидан бири номерда кимнингдир юмшоқ қуёнчани унутиб қолдирганини кўрди. Ходим қуёнчанинг таътилда қандай дам олаётгани ҳақидаги фотосуратларни Facebook ижтимоий тармоғига жойлаштирди. Орадан кўп ўтмай, ўйинчоқнинг эгаси топилиб, севимли ўйинчоғини қайтариб олди.
Ҳайвонотчилик фермасидаги тулкининг ҳаётини сақлаб қолган йигит

Қаршингиздаги Мартин исмли йигит ҳайвонотчилик фермасидаги тулкининг ҳаётини сақлаб қолди. Агар у тулкини қутқармаганда, тулки кимнингдир пальтоси ёқасидаги мўйнага айланарди. Мартин тулкини уйига олиб кетди. Ўшандан бери у ҳайвонларни ҳимоя қилади ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотига асос солди.






