АсосийDunyo

​Дунёни айнан эзгулик қутқаришини исботловчи 10 ҳодиса

'​Дунёни айнан эзгулик қутқаришини исботловчи 10 ҳодиса'ning rasmi

Она сайёрамиздаги ҳар бир инсон эзгулик ва меҳр-муҳаббатга эҳтиёж сезади. Бу туйғулар одамларга энг бедаво дарддан тузалишга, инсон қадами етмаган оролда жон сақлашга, аосийси ҳаётидаги бўшлиқни бахт ва қувончга тўлдиришга ёрдам беради.

Биз ҳам эзгулик йўлида бажарилган ҳар бир ҳаракат изсиз кетмаслигига, эътиборсиз қолмаслигига ишонамиз. Шуни ҳисобга олиб, қуйида бағрикенг ва олижаноб инсонлар ҳаётидан олинган янги лавҳалар билан сизни таништиришни лозим топдик.


Ветеринар аёл 1100 та мушукни асраб олди

67 ёшли Лини Латтанционинг ҳақиқатан ҳам бағри кенг. У 7 йилдан бери кўчада қаровсиз қолган мушукларни бағрига олиб, уларни даволаб, янги оилаларга жойлаштириш билан машғулдир. Лини анча вақтгача, ҳеч кимнинг кўмагисиз бу ишларни мустақил равишда бажарди. Бироз кейин унга кўнгиллилар ёрдам бера бошлади. Айни вақтда Линининг хонадонида соғлом, парвариш қилинган 1000 дан ортиқ мушуклар истиқомат қилмоқда.


Саратон касаллигига чалинган аёлларнинг уйида текинга хизмат қилувчи фирма

Компания асосчиси Дебби Сардоннинг бу ғояни амалга оширишига мижозлардан бирининг саратонга қарши даволанаётгани туфайли мазкур компания хизматидан фойдалана олмаслиги ҳақида қилган қўнғироғи сабаб бўлган. Компаниянинг мақсади саратонга чалинган аёлларни уй юмушларидан бутунлай озод этиб, уларнинг бутун диққат-эътиборини соғлиги ва даволанишга қаратишдан иборатдир. 2006 йилда бери фирма 19 минг нафар аёлга хизмат кўрсатиб, хизмат учун 5,5 миллион доллар пул сарфлади.


Касал ва дайди итга ҳаёт бахш этган аёл

Ўтган йилнинг апрель ойида грециялик Валиа Орфаниду кўчада ётган касал итга кўзи тушди. У итга ёрдам беришни кўнглига тугди, аммо ёрдам бериш осон иш эмасди. Оғир касаллик ҳолдан тойдирган Пётр (итнинг лақаби) одамларни кўрганда қўрқувдан қалтирарди. Аммо аёл ортга чекинмади, орадан маълум муддат ўтгач, ит таниб бўлмас даражада ўзгарди.


Эркак уйсиз дайдини ҳар куни қаҳва билан меҳмон қилди, дайди эса унинг яхшилигини қайтарди

Ҳар куни эрталаб ўзининг севимли қаҳвахонасида нонушта қиладиган Жо Уилсон қаҳвахона ёнида турадиган дайди эркак Даниэлни совуқ кунларда қайноқ қаҳва билан меҳмон қиладиган бўлди. Одатдаги кунлардан бирида у нонушта қилиш учун қаҳвахонага кирди ва овқат ҳақини тўламоқчи бўлганда, официант унга овқат ва хизмат ҳақи тўланганлигини маълум қилди. Маълум бўлишича, Даниэл лотереяда пул мукофотини қўлга киритгани учун совуқ кунларда уни қайноқ қаҳва билан сийлаган Жога миннатдорчилик тариқасида овқат пулини тўлаган экан.


Зоологлар тўдадан қолиб кетган фил боласини уйда парвариш қилишди

Тўдадан ажралиб қолган фил боласи дарёдан ўтаётганда оқиб кетишига бир баҳя қолди. Агар зоологлар уни қутқариб, уйига олиб кетмаганларида чиябўрилар қурбонига айланиши ҳеч гап эмасди. Зоологлар филчани Мойо деб аташди. У худди кучук боласидек, безори ва тиниб тинчимасдир. Филча ўзини ўз уйида юргандек ҳис қилади, уни атрофдаги ҳамма нарса қизиқтиради, доимо шўхлик қилади. Филча нимаики қилмасин, меҳр-муҳаббат оғушида, хавфсиз жойда вояга етмоқда.


Афғон қишлоғида яшовчи камбағал боланинг орзусини рўёбга чиқарган футболчи

Устига полиэтилен пакетдан ясалган Мессининг футболкасини кийган афғонистонлик болакай Муртазининг сурати бир лаҳзада ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган эди. Яқинда эса воқеанинг давоми рўй берди. Аргентина терма жамоаси юлдузи ва “Барселона” клуби футболчиси Месси афғонистонлик болакай ҳақида эшитиб, унга ўзининг дастхати туширилган ҳақиқий футболкасини совға қилди.


Ўшанда Лионель Месси Муртази билан шахсан учрашишга ваъда берган эди. Орадан бир йил вақт ўтганига қарамай, Месси ўз ваъдасининг устидан чиқди!

“Ҳаммаси тушга ўхшайди. Муртази ўз кўзларига ишонмаяпти, энди у футболкасини ечишни ҳам истамаса керак. Ўғлимга кўрсатган эътибори учун Лионелдан жуда миннатдорман, унга катта раҳмат айтаман!”, деди болакайнинг отаси Ориф Аҳмадий.


Музлаган дарёга тушиб кетган итни қутқарган ўт ўчирувчи

Бостон кўрфазида музлаган дарёга тушиб кетган 13 ёшли Сильвия лақабли итни Шон Коул исмли ўт ўчирувчи ўлимдан қутқаришдан чўчимади. У итни қутқариш учун юпқа муз устига ётди. Итини соғ-омон кўрган эгасининг қувончдан боши кўкка етди.


Талаба йигит саросимага тушган эркакка ёрдам берди

Канаданинг Онтарио шаҳрида яшовчи Годфри Кутто исмли талаба йигит автобусга чиққанда, бегона эркак унинг ёнига келиб ўтирди ва қўлини маҳкам ушлади. Аввалига Годфри ҳеч нимани тушунмади, аммо бироздан сўнг Роберт исмли бу эркакка ёрдам кераклигини тушунди. Маълум бўлишича, Роберт мия фалажлиги ва карликдан азият чеккан. Автобусда одамнинг кўплиги уни ваҳимага солган, тинчланиш учун бировнинг кўмагига муҳтож бўлгани боис Годфрининг қўлидан маҳкам ушлаган.


Байкер калтакланиб, йўлга ташланган итга ёрдам берди

Отасининг уйи томон мотоциклда кетаётган Брэндон йўлда юк машина ҳайдовчисининг кичкина кучукчани калтаклаётганини кўрди. У ортига қайтиб, йўлда ётган кучукчани эҳтиётлаб, курткасига ўради ва ўзи билан олиб кетди. Брэндон уни “жаноб Дэвидсон”, деб атади. Эндиликда улар ажралмас дўстга айланган.


Ота-онаси томондан рад этилган бемор болаларни парваришлаган аёл

Америкалик Кори Салчерт оғир касалликни бошдан кечиргач, ортиқ тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлай олмади. Аммо меҳрибон аёл тинч ўтирмай, касаллиги туфайли ўлимга маҳкум бўлган, ота-оналари ташлаб кетган бемор болаларни ўз бағрига олди. Шундан бери у турмуш ўртоғи Марк билан бутун ҳаётини касал болаларни парваришлашга бағишлади.

Бошқа янгиликлар