Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ишлари давом эттирилмоқда, деб ёзади “Uzbekistan Today”.
Хусусан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шу кунларда Ислом Каримовнинг Самарқандда ўрнатиладиган ҳайкали ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
2016 йил 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Бадиий Академиясининг танловни ўтказиш бўйича эълон қилинган Низомига кўра, Ислом Каримов ҳайкали Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўрнатилади.
Схемадан маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали Самарқанд шаҳри Регистон майдони яқинидаги Тошкент кўчасида қад кўтаради.
Ислом Каримов ҳайкали Тошкентнинг айнан қайси ҳудудига ўрнатилиши ҳозирча номаълум.





