Қиш захмидан аъзои баданимиз, юз, қулоқларни эҳтиёт қиламиз-у, қўл ва тирноқларга ҳар доим ҳам етарлича эътибор беравермаймиз. Ахир улар ҳам юз каби доимий равишда очиқ бўлиб, кўчадаги об-ҳаво таъсирига кўпроқ берилади-ку! Саҳифамиздан ўрин олган қўл парвариши муолажаларидан фойдаланиб, қўлларингизга саломатлик бағишланг. Ёдингизда бўлсин, қўллар инсон ёши, касби ва табиати ҳақида кўп маълумот бера олади.
Муҳим қоидалар
- Қиш мавсумида қўлларга совуқ ҳаво, шамол, қор, изғирин таъсирида кафтнинг юзаси қуриб, ёрила бошлайди. Бундай типик ҳолатларда қўлни вақтинча совун билан ювишни бас қилиб, глицеринли илиқ сув (1 литр сувга 0,5 стакан глицерин солиб) ишлатинг.
- Совуқ пайтларда қўлни сувга кўп урмаслик учун баъзи уй юмушлари учун резина қўлқоплар тайёрлаб қўйинг. Кўча-кўйда эса албатта қўлқоп кийишни унутманг.
- Сумкангизга қўллар учун мўлжалланган озиқлантирувчи кремларни солиб қўйинг. Дарвоқе, қишда кремни суртиб, дарров ташқарига чиқилмайди, бу қўлнинг шамоллашига олиб келиши мумкин. Иш жойингизда эса қулай фурсат топиб, қўлларингизни озиқлантириб, юмшатишга ҳаракат қилинг.
- Қўл парваришида ҳафтасига 1-2 марта турли ванналар қилиш ҳам самарали. Мойчечак, календула, қариқиз (череда) дамламалари ёриқлар битишида, шамоллашни бартараф этишда фойдали хусусиятларга эга.
Қўлбола ниқоблар
1 дона тухум сариғига 1 ош қошиқ асал ва 1 чой қошиқ толқон солинг. Тайёр бўлган ниқобни қўлга қалин қилиб суртиб, устидан пахта мато ёки қўлқоп кийинг. 20 дақиқадан сўнг глицеринли сув билан ювиб, озиқлантирувчи крем суртинг.
* * *
Тухум сариғи, 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи ва 1 чой қошиқ асал аралашмасидан таркиб топган ниқоб ҳам ажойиб натижа беради. Бу ниқобни қўлга тез-тез суртиб, устидан ўраладию ярим соат тин олинади. Қўлни илиқ сувда совунсиз ювгач, юмшатувчи крем суртилади.
* * *
3 дона қайнатилган картошкани эзиб, бироз сут билан яхшилаб аралаштиринг. Бўтқа ҳолига келган иссиқроқ бўтқага қўлларни солиб, совигунича ушлаб туринг. Бу ниқоб мўъжизавий ёшартирувчи хусусият касб этади. Сўнг қўлларни совуқроқ сув билан ювиб, ёғли крем суртинг.
Тирсак учун…
Тирсакни оқартириб, терисини нормал ҳолатга келтириш учун ҳафтада бир марта совунли ванна қилинг. Сўнг уйқуга ётишдан аввал ёғли озиқлантирувчи крем суртинг.
Тирноқлар
Аёзда бармоқлар, хусусан, тирноқлар ҳақида алоҳида қайғуришга тўғри келади. Улар зарарланмасин десангиз, канакунжут, бодом, ўсимлик ёғларидан фойдаланинг. Тирноқларга лимон шарбати суртсангиз ҳам, соғлом тус олади. Тирноқ четида ёриқлар пайдо бўлса, совуқ ҳаво оқими таъсирида кўп ҳолларда ўша ерда йиринг тўпланиш ҳолатлари кузатилади. Халқ табобатида буни соғлом бармоқ чидаши мумкин бўлган даражадаги иссиқ сувга (мойчечак дамламасига) ботириб даволашади. Сабр билан шундай қилинса, тирноқ атрофидаги йиринг қотиб, сўрилиб кетади; агар газак олган бўлса, чиқариб ташлаш осонлашади.
Дилноза УМАРОВА





