Ушбу машқлар тушукунликдан халос бўлишга ва стресс чақирувчи ҳолатларни хотиржамроқ қабул қилишда ёрдам беради. Энг асосийси, доимий хуш кайфият ва бахтиёрлик бағишлайди. Бунинг учун сизга атиги иккита пуфак (шар) ва фломастер керак бўлади.
- Биринчи навбатда стресс ҳолатига сабаб бўлувчи кундалик омиллар рўйхатини тузиб чиқинг: иш, шахсий ҳаётдаги муаммолар, кексалик даврининг яқинлашаётгани ҳақидаги ваҳимали ўйлар, дўстлар билан низо. Ташвишларингизни пуфак сатҳига бирма-бир (энг оғриқлисидан бошлаб) ёзиб чиқинг.
- Эътиборингизни пуфакда ёзилган энг муҳим салбий омилга қаратинг. Одатда унга қандай муносабатда бўласиз? Энди пуфакни шишириб, пуфлаётганингизда барча салбий ҳиссиётларингизни пуфак ичига жо қилинг.
- Игна олиб, уни тешинг. Шунда салбий ҳиссиётларингиз бир сонияда учиб кетгандек бўлади.
- Кейин иккинчи пуфакни пуфлаб шиширинг. Тасаввурингизда уни ижобий ҳиссиётларингиз билан тўлдиргандек бўлинг. Ижобий ҳиссиётларни билдирувчи бирорта сўз ўйлаб, уни пуфак устига ёзинг. Масалан: «севинч», «бахт», «қувонч», «завқ» кабилар.
- Кейин шу сўзлар билан бојлиқ манзаралар ҳақида ўйланг. Тасаввурингиздаги веқейликни (қўлдан келганча) пуфак устига чизинг. «Ижод»ингизни ёрқин ва кенг кўламда тасвирлашга ҳаракат қилинг.
- Пуфакни тепага отиб, унинг енгил парвозини кузатинг. Хотирангизда устига чизилган суратлар ўрнашиб қолишига ҳаракат қилинг. Яна бир бора шу каби вазиятга тушиб қолган пайтингизда, пуфак устидаги суратлар ва ўз қўлингиз билан ёзилган сўзларни эсланг. Шунда ҳеч қачон ҳеч ким ёки ҳеч нима кайфиятингизни тушириб, сизни хафа қилолмайди!





