Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов бугун бир неча нафар фуқарони қабул қилди.
Учрашув чоғида фуқаро Илья Леин соҳадаги ижодий фаолиятни такомиллаштириш, профессионал санъатни тўғри йўналтириш, театрлар фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини изҳор этди. Турган гапки, унинг таклиф ва тавсиялари инобатга олиниб, тизимдаги шу соҳа мутахассисларига кўрсатмалар берилди.
Фуқаро Миршод Мардонов маълум бир ташкилот қошида болалар театри ташкил этиш таклифини илгари сурди. Вазир томонидан унга жавоб сифатида “Болалар театр студияси” ташкил этиш бўйича концепция ишлаб чиқиш, “Томоша” болалар театр студияси хужжатларидан андоза сифатида фойдаланиш, мазкур студия раҳбари Нодира Қурбонова билан маслаҳатлашиш тавсия этилиб, бу масалага яна қайтилиши таъкидланди.
Фуқаро Машҳурбек Сатторов хонандаларнинг муаллифлик ҳуқуқларини талаб қилиб, уларнинг кўнгилочар (кафе, ресторан, тўйхона) масканлардан тушадиган маблағлардан гонорар тўлаш тизимини ташкил қилиш таклифи билан чиқди. Б.Аҳмедов таклифга жавобан Сатторовнинг "Ўзбектеатр” ИИЧБ қошидаги "Арк мадад” махсус жамғарма мутахассисларидан маслаҳат олиши, ҳужжатлар билан танишишини тавсия этган ҳолда унга тизимдаги шу соҳа мутахассисини бириктирди.
Самимий руҳда ўтган очиқ мулоқотлар давомида вазир фуқаролар томонидан берилган яна кўплаб саволларга жавоб қайтарди. Савол ва таклифлар бўйича тизим ташкилотлари раҳбарларига аниқ кўрсатмалар берди. Бунга жавобан кўпдан буён қийнаётган муаммо ва таклифлар ҳал этилишига ишонч билдирган фуқаролар ҳам ўз миннатдорлигини билдиришди.





