10 январ куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида Фанлар академиясининг президентини сайлашга бағишланган Умумий мажлис бўлиб ўтди. Мажлисда Фанлар академияси академиклари, директорлар кенгаши аъзолари иштирок этди.
Умумий мажлис ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Сўзга чиққан академиклар М.С.Салоҳиддинов, С.Ш.Рашидова, Р.А.Зоҳидов, Б.М.Беглов, Б.А.Назаров, А.А.Асқаров, Н.Р.Юсуфбеков, А.А.Абдуллаев, профессор Ш.А.Эгамбердиев Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати томонидан мамлакатимиз илм-фани ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш баробарида академик фан олдида турган бир қатор долзарб масалаларни белгилаб олишди. Шунингдек, улар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентлигига сайлаш учун академик Б.С.Йўлдошевнинг номзодини қўллаб-қувватлашди.
Академик Йўлдошев Беҳзод Содиқович навбатдаги муддатга Фанлар академиясининг президенти этиб сайланди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга мурожаат қабул қилинди.





