Бугун, 10 январь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бахтсиз ҳодиса юз берди. Ўзбекистонлик 22 ёшли фуқаро “Александр Невский майдони” метро бекати станциясидаги рельсга йиқилиб кетиш оқибатида ҳалок бўлди, деб ёзади “1news.uz”.
“Бу ҳаракат қасддан содир этилмаган. Эркакни рельсдан чиқариб олишганида у тирик эди. У оғир тан жароҳати олгани боис кўп ўтмай вафот этди”,—дейилади метрополитен матбуот хизмати хабарида.
Ҳозирча фожиа сабаблари маълум эмас. Аммо, бир нарса аниқки, йигит ўз жонига қасд қилмаган.
Метрополитеннинг фожиа юз берган қисмида поездлар ҳаракати 20 дақиқага тўхтатилган.
Ижтимоий тармоқларда ҳодиса гувоҳларининг маълумотлари пайдо бўлди.
“Мен йўловчини уриб кетган поездда кетаётган эдим. Поезд сигнал бермади, биз одатдагидек тўхтади, деб ўйладик. Вагонда ҳамма ўз жойида ўтирарди. Бироқ, бизни бекатга чиқаришмади. Жабрланувчи мен ўтирган поезднинг остида қолган экан. Одамлар поезд остига қарар, оғизларини қўллари билан беркитар эди. Ҳаммани бир савол қийнарди: ‘У қандай қилиб поезд тагида қолди?’. Поезднинг бир қисми тоннел ичида қолган эди”,—деб ёзади петербурглик Елена исмли фойдаланувчи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.





