Тошкент шаҳар ҳокими қарорига мувофиқ, 2016 йилнинг 29 декабрь куни соат 11.00да халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўн саккизинчи сессияси ўтказилади.
Сессия кун тартибида Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2016 йил 9 ойлик ижроси ва 2017 йилга мўлжаллаган бюджети параметрлари лойиҳаси, 2017 йил учун маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари, пойтахтни 2017-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари прогноз дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” давлат дастурининг ижроси тўғрисида, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан Чилонзор тумани ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилади.
Бундан ташқари сессия кун тартибида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиясининг фаолияти, баъзи географик объектлар номларини тартибга келтириш тўғрисидаги масалалар диққат марказда бўлади.
Сессия сўнггида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ишчи гуруҳининг 2017 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланиб, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2017 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.





