Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима балларини ҳисоблаш амалиёти йўлга қўйилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 22 апрель ҳолатига келиб республика бўйича 22 638 нафар ҳайдовчи 5 баллгача жарима тўплаган.
Қайд этилишича, қоидабузарликлар асосан светофорнинг тақиқловчи сигналига риоя қилмаслик, қарама-қарши йўналишга чиқиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳамда тезликни ошириш ҳолатлари билан боғлиқ.
Расмий маълумотларга кўра, айрим ҳайдовчилар 22 кун ичида 10 баллгача жарима тўплаган. Амалдаги тартибга кўра, 12 баллга етган ҳайдовчилар ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиши мумкин.






