Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган ва муқаддам судланган шахснинг ноқонуний ҳаракатлари аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Унда қайд этилишича, гумонланувчи 2026 йил апрель ойида СИМ-карта орқали аккаунт очиб, аввал бошқа фуқаро номида бўлган рақамда сақланиб қолган шахсий ва оилавий суратларни сунъий равишда қайта ишлаган.
У ушбу материалларни жабрланувчининг яқинларига юбориб, Telegram каналларида тарқатиш билан таҳдид қилган ҳамда бундан воз кечиш эвазига пул талаб қилган.
Маълум бўлишича, у товламачилик орқали турли банк карталари орқали жами 800 минг сўмдан ортиқ маблағни қўлга киритган. Гумонланувчи Андижон шаҳрида ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






