Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Андижон шаҳри ҳамда Асака туманида яшовчи уч нафар фуқаро ўз хонадонларида қалбаки ва сифати кафолатланмаган дори воситаларини тайёрлаётгани фош қилинган.
Текширувлар жараёнида ушбу манзилларда махсус жиҳозланган ноқонуний лабораториялар борлиги аниқланиб, умумий қиймати 1,1 миллиард сўмлик, 122 турдаги 60 минг донадан ортиқ дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур маҳсулотлар Қирғизистондан ноқонуний равишда олиб кирилган бўлиб, уларнинг бир қисми ярим тайёр, яна бир қисми эса қайта ишланган ҳолатда бўлган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай дори воситалари инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фуқароларга шу каби ҳолатларга дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш тавсия этилди. Шахс сир сақланиши кафолатланади.






