Шу мақсадда республикамизда йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси — журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларини ягона платформада бирлаштирувчи “Медиа ҳафталик” ўз ишини бошлади.
Контент маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йўлга қўйилаётган мазкур лойиҳа бутун республикадан қарийб 12,5 минг иштирокчини қамраб олади. Жорий йилнинг 30-мартидан 26-июнига қадар ҳар бир ҳудудда 5 кунлик интенсив ўқув-семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.
Дастурда назария ва амалиёт бирлашади: асосий урғу ҳақиқий тажриба орттиришга қаратилади. Мамлакатимизнинг энг етакчи медиа-экспертлари, муҳаррир ва продюсерлари иштирокида контент яратиш, фактчекинг, рақамли гигиена, СММ ва стратегик коммуникатсиялар каби муҳим мавзулар бўйича тренинглар олиб борилади.
Машғулотлар тележурналистлар, босма нашрлар, блогерлар ва давлат идоралари матбуот котиблари учун алоҳида йўналишларда ўтказилади. Билимларини оширган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.
Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатланувчи мазкур медиа-эстафетанинг илк босқичи 30-март куни Қорақалпоғистон Республикасида бошланади. Дарслар давомида иштирокчилар реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш, янги ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Спикерлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий медиа ривожининг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар беради.
Ҳафталик якунида ҳудуддаги соҳа вакилларини қамраб олувчи йирик Медиа форум ташкил этилади.
Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлган номзодлар Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқарма ва бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Медиа ҳафталик қуйидаги саналарда ҳудудлар кесимида ташкил этилади:
• 30-март – 03-апрель: Қорақалпоғистон Республикасида;
• 6-апрель – 10-апрель: Хоразм вилоятида;
• 13-апрель – 17-апрель: Сурхондарё вилоятида;
• 20-апрель – 24-апрель: Қашқадарё вилоятида;
• 27-апрель – 1-май: Самарқанд вилоятида;
• 4-май – 8-май: Навоий вилоятида;
• 11-май – 15-май: Бухоро вилоятида;
• 18-май – 22-май: Фарғона вилоятида;
• 25-май – 29-май: Наманган вилоятида;
• 1-июнь – 5-июнь: Андижон вилоятида;
• 8-июнь – 12-июнь: Жиззах вилоятида;
• 15-июнь – 19-июнь: Сирдарё вилоятида;
• 22-июнь – 26-июнь: Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида.






