“Ўзбекнефтгаз” тизимида газ қазиб чиқариш динамикаси, пасайиш сабаблари ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди. Жорий йилнинг биринчи чорагида янги қудуқларни ишга тушириш ва мавжудларини таъмирлаш орқали қўшимча ҳажмлар таъминлангани маълум қилинди.
Шунингдек, замонавий технологияларни жорий этиш, 2D ва 3D сейсмик тадқиқотлар олиб бориш, бурғилаш ишларини халқаро стандартлар асосида назорат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари тармоқда барқарорликни таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва хорижий ҳамкорлар билан амалий шерикликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш топширилди.






