Миграция агентлиги ахборотига кўра, хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари қийин аҳволга тушган тақдирда уларга моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
Маълум қилинишича, оғир молиявий ҳолатга тушиб қолган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача бир марталик ёрдам ажратилиши мумкин. Зарурат бўлса, ариза асосида ватанга қайтиш учун авиачипта ҳам олиб берилади.
Шунингдек, хорижда оғир касалликка чалинган ёки бахтсиз ҳодисага учраган фуқароларнинг 1 мингдан 1,5 минг долларгача бўлган тиббий харажатлари қоплаб берилиши мумкин. Яшаш жойсиз қолганларга эса 30 кунгача ҳостел билан таъминлаш чораси кўрилади.
Оғир вазиятга тушган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини ватанга беғараз қайтариш имконияти ҳам мавжуд.






