АсосийЖамият

Рим шаҳрида Ўзбекистон–Италия олийгоҳлари ректорлари Иккинчи форуми бўлиб ўтди

2026 йил 18–19 февраль кунлари Италия пойтахти Рим шаҳрида Ўзбекистон ва Италия олийгоҳлари ректорларининг Иккинчи форуми бўлиб ўтди.

'Рим шаҳрида Ўзбекистон–Италия олийгоҳлари ректорлари Иккинчи форуми бўлиб ўтди'ning rasmi

Икки кунлик мазкур анжуман олий таълим тизимидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш баробарида уни аниқ механизмлар асосида кенгайтириш бўйича 20 дан ортиқ шартномаларга эришиш имконини берди.

Дастлабки анжуман – форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Италия университетлар ва тадқиқотлар вазири Анна Мария Бернини иштирок этди. Томонлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун Тошкент шаҳрида Турин политехника университети ҳамда Пиза университети филиалларининг фаолият юритаётгани Ўзбекистон–Италия таълим алоқаларининг натижадорлигини намоён этади. Сўнгги икки йилда 100 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиларнинг Италияда стажировка ўтагани, 750 нафардан зиёд талабанинг итальян тилини ўрганаётгани ҳамкорликнинг инсон капиталига йўналтирилганини кўрсатади.

Форум доирасидаги сессия ва учрашувлар асносида томонлар университетлараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма магистратура ва докторантура дастурларини йўлга қўйиш, академик алмашинувларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Эрасмус+ дастури доирасида шу кунгача 30 га яқин қўшма лойиҳа амалга оширилгани, 300 дан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Италия университетларида таҳсил олаётгани ва бу каби ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириштириш лозимлиги таъкидланди.

Форум доирасида 2025 йил январь ойида эълон қилинган қўшма илмий танлов якунлари эълон қилинди. 199 та таклиф ичидан энг юқори балл тўплаган 10 та лойиҳа Ўзбекистон–Италия Қўшма бошқарув қўмитаси томонидан молиялаштириш учун танлаб олинди.

Мазкур танлов илмий алоқаларни реал қўшма тадқиқотлар босқичига олиб чиқди. Эндиликда муҳандислик, сунъий интеллект, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, туризм, мода ва дизайн каби устувор йўналишларда аниқ натижаларга йўналтирилган ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Римга хизмат сафари чоғида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Италиянинг турли олийгоҳларида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказди.

Самимий мулоқот давомида талабаларнинг таълим жараёни, яшаш шароитлари, илмий изланишлари ва келгусидаги режалари ҳақида суҳбатлашилди. Вазир ёшларнинг хорижда сифатли билим олиб, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаётгани мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим эканини таъкидлади. 

Шунингдек, форум доирасида янги икки томонлама келишувлар имзоланди. Бу эса ҳамкорликнинг кейинги босқичида қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳалар сони сезиларли ошишини англатади.

Бу жараён Ўзбекистоннинг халқаро илмий интеграциядаги фаоллиги ортиб бораётганини акс эттиради. Айниқса, ёшларнинг хорижда замонавий билим ва тажриба орттириб, кейинчалик уни мамлакат тараққиётига йўналтириши стратегик аҳамият касб этади.

Икки кунлик форум Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Муҳими, бу сафарги мулоқотлар аниқ лойиҳалар, ўнлаб молиялаштирилган ташаббуслар ва имзоланган келишувлар билан мустаҳкамланди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Японияда онасидан воз кечилган митти макакага нима бўлди?'ning rasmi

    Жамият Бугун 15:08

    Японияда онасидан воз кечилган митти макакага нима бўлди?

    Унинг таъсирли суратлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

    'Россия ОАВлари президент самолётини “АҚШ ҳарбий борти” деб талқин қилди'ning rasmi

    Жамият Бугун 11:53

    Россия ОАВлари президент самолётини “АҚШ ҳарбий борти” деб талқин қилди

    Россиянинг айрим Telegram каналлари ва йирик ОАВлари АҚШдан учиб келган “номаълум Boeing 787” Россия ҳаво ҳудудига киргани ҳақида хабар тарқатди.

    'Сурхондарё ва Наманганда мансабдорлар қўлга олинди'ning rasmi

    Жамият Бугун 11:15

    Сурхондарё ва Наманганда мансабдорлар қўлга олинди

    Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари ва Наманган вилояти Чуст туманидаги ҳоким ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.

    'Чусовитина Жаҳон кубоги финалига чиқди'ning rasmi

    Жамият Бугун 10:48

    Чусовитина Жаҳон кубоги финалига чиқди

    50 ёшли гимнастикачи ўзининг асосий ихтисослиги — таянч сакраш машқида 13,133 балл жамғарди.

    'Мирзиёев: Ғазо минтақасини тиклашга Ўзбекистон тайёр'ning rasmi

    Жамият Бугун 10:22

    Мирзиёев: Ғазо минтақасини тиклашга Ўзбекистон тайёр

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тинчлик Кенгашининг биринчи саммитида нутқ сўзлади.

    'Умрага бориш 18 апрелдан вақтинча тўхтатилади'ning rasmi

    Жамият Бугун 08:34

    Умрага бориш 18 апрелдан вақтинча тўхтатилади

    Саудия Арабистони Ҳаж мавсуми олдидан Умра визалари ва зиёрат муддатлари бўйича сўнгги саналарни эълон қилди