16 февраль куни соат 20:51 да Шайхонтоҳур тумани Белтепа кўчасидаги хусусий уйлардан бирида ёнғин содир бўлгани ҳақида шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Маълум қилинишича, ёнғин-қутқарув экипажлари орадан уч дақиқа ўтиб воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 21:38 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин ўчирилгандан сўнг, ҳодиса жойидан уч нафарнинг жасади топилган. Улар бир оила аъзолари — она ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди экани аниқланган.
Гувоҳларнинг айтишича, уларни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган.
— Келинимиз ва икки жиянимиз хонада қолиб кетишди, ташқарига чиқа олишмади. Ичкарига кира олмадик. Қўшнилар билан деворни бузиб кирдик, аммо кеч бўлган эди, — дейди гувоҳлардан бири.
Шунингдек, яна бир фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.






