17 февраль куни Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти Бажаур туманида жойлашган назорат пунктига ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда The Hindu нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида 11 нафар хавфсизлик ходими ва бир нафар бола ҳалок бўлган. Яна етти киши, жумладан, аёллар ва болалар турли даражада жароҳат олган.
Покистон армиясининг Хизматлараро жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, ҳужум автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ёрдамида амалга оширилган. Портловчи моддалар билан тўлдирилган машина назорат пункти деворига урилиб, кучли портлаш содир бўлган.
Қайд этилишича, ҳужумни Покистон Толибон ҳаракати аъзолари содир этган. Хавфсизлик кучларининг жавоб амалиёти давомида 12 нафар ҳужумчи зарарсизлантирилган.
Асиф Али Зардорий ҳужумни кескин қоралаб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Шаҳбоз Шариф ҳам баёнот бериб, террорчиликка қарши кураш давлатнинг устувор вазифаси бўлиб қолишини таъкидлади.






