АҚШ Президенти Дональд Трамп Куба мамлакатидан миллий хавфсизликка таҳдид мавжудлиги сабаб фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй расман маълум қилди.
Фармонга мувофиқ, Қўшма Штатлар Кубага нефть етказиб бераётган ёки бундай етказиб беришга билвосита алоқадор бўлган давлатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча бож жорий этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Трамп мазкур қарорни Куба ҳукумати АҚШ манфаатларига қарши қаратилган ҳаракатлар олиб бораётгани, шунингдек Россия, Хитой, Эрон ҳамда ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳлар билан ҳамкорлик қилаётгани билан изоҳлаган.
Нашрлар маълум қилишича, Вашингтонда Кубага нефть етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш, жумладан ҳарбий-денгиз блокадаси жорий этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинмоқда.






