Шунингдек, суд тадбиркорнинг даъвосини қаноатлантириб, Frankfurter Allgemeine Zeitung нашрида унинг Кремль билан алоқалари ҳақида билдирилган фикрларни туҳмат деб топди.
Гамбург ер суди миллиардер Алишер Усмановнинг Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung нашрига қарши берган даъвосини қаноатлантирди ва тадбиркор ҳақида тарқатилган қатор даъволарни туҳмат, деб топиб, уларни ёйишни тақиқлади. Бу ҳақда РБКга бизнесменнинг матбуот хизмати ва унинг адвокатлари маълум қилди.
Қарор Германия суди томонидан 23 январь куни эълон қилинди. Таъқиқни ҳар сафар бузганлик учун 250 минг еврогача жарима солиниши мумкин, агар уни ундириш имкони бўлмаса, ҳар бир ҳолат учун олти ойгача маъмурий қамоқ, умумий ҳисобда эса икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
«Суд таъқиқлаган баёнотлар орасида FAZ нашрининг А. Усманов гўё ўз бойлигини “Кремль манфаатлари йўлида ёки унинг топшириғига кўра” ишлатгани, норасмий тарзда Россия ҳукумати манфаатларини Ўзбекистонда ифодалагани ҳамда 2006 йилда “Коммерсантъ” газетасини сотиб олгандан кейин унинг таҳририят сиёсатига аралашгани ҳақидаги даъволар бор», - дея хабар беришди ишбилармоннинг вакиллари.
Шунингдек, «Европа юрисдикциясидаги суд илк бор Россия суди томонидан аввал ёлғон деб топилган А. Навальнийнинг А. Усманов гўё Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев билан боғлиқ тузилмаларга кўчмас мулкни “совға қилгани”, бу эса гўё Медведев Усманов бизнесини “Газпром” ҳисобига қўллаб-қувватлагани учун “компенсация” бўлгани, шунингдек, у 2002 йилда “Газпром Инвестхолдинг” активларини назоратидаги компания орқали гўё “давлат мулкини ўзига ўзи сотган” деган даъволарни ҳам тарқатишни таъқиқлади», - дея қўшимча қилишди бизнесмен вакиллари.
2017 йилда Усманов Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (Россияда экстремистик ташкилот деб эътироф этилган ва тақиқланган, шунингдек, хорижий агент, террористик ташкилот, нолойиқ (номақбул) ташкилот сифатида тан олинган ва тугатилган) баёнотларини рад этишни талаб қилиб судга мурожаат қилган эди. Москва шаҳрининг Люблин туман суди даъвони қаноатлантириб, жавобгар томонларни Усманов ҳақидаги баёнотларни инкор этишга ҳамда маълумотларни интернет тармоғидан олиб ташлашга мажбур қилди.
Усманов вакилларининг таъкидлашича, Навальний баёнотлари ва FAZ материаллари Европа Иттифоқи томонидан бизнесменга қарши санкцияларни асослаш учун ишлатилган (Усманов 2022 йил февраль ойида уларнинг рўйхатига киритилган) ҳамда Германияда тергов ишлари бошланишига туртки бўлган. Усманов манфаатларини ҳимоя қилувчи медиаҳуқуқ бўйича адвокат Йоахим Штайнхефельнинг сўзларига кўра, Гамбург судининг қарори «FAZ мақоласидаги асосий баёнотлар Навальнийнинг ёлғон даъволари ва обрўсизлантирувчи нарративларидан тузилган коктейлдан бошқа нарса эмаслигини тасдиқлайди», Европа Иттифоқи санкцияларини асослаш эса «туҳматли, асоссиз ва ғайриқонуний айбловлар уюми» ҳисобланади.
USM асосчиси Европа санкцияларини адолатсиз ва «сохта ҳамда далилсиз айбловлар» асосида қабул қилинган, деб атаган, шунингдек, унга нисбатан тенг ҳуқуқлилик ва камситмаслик тамойиллари бузилганини таъкидлаган. У санкциялар ҳақидаги қарорга судда эътироз билдирган, аммо Европа Иттифоқи суди тадбиркорнинг даъволарини бир неча бор рад этган.
Санкциялар рўйхатига киритилгандан кейин Усманов Ғарб оммавий ахборот воситаларига қарши бир неча бор даъво аризалари билан чиқиб, судларда ғалаба қозонган. Масалан, ўтган йилнинг май ойида Гамбург суди Mediahuis Luxembourg S.A. медиахолдинги нашрларидаги Усманов 2022 йилда мусодара қилинган Dilbar суперяхтасининг эгаси экани ҳақидаги маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмайди, деб топди. 2024 ва 2025 йилларда Германияда Усмановга қарши 2 та тергов иши – ноконуний даромадларни легаллаштириш (“пул ювиш”) ва санкцияларни бузиш гумони билан боғлиқ ишлар - тўхтатилди.
Forbes нашрининг баҳолашича, Усмановнинг бойлиги 2025 йил апрель ҳолатига кўра 16,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.






