Маълум қилинишича, Денов туманида яшовчи ва спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиб келган 6 нафар шахс жамоат тартибини бузиш ва безорилик билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга алоқадор бўлган. Улар Telegram орқали бирлашиб, ўзларини “Альфа” жиноий гуруҳи сифатида танитган.
Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6 январь куни соат 20:50 ларда ушбу гуруҳ аъзолари Skoda ва Kia автомашиналари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг Денов тумани тез тиббий ёрдам бўлимига борган. У ерда улар Kia автомашинасини бошқарган шахсга нисбатан жисмоний босим ўтказиш мақсадида жанжал кўтарган.
Шифохона маъмурияти томонидан тартибни сақлаш бўйича огоҳлантиришларга қарамасдан, гуруҳ аъзолари фаол қаршилик кўрсатган, беморлар ва тиббиёт ходимларининг тинчлигини бузган ҳамда шифокор ва жабрланувчига тан жароҳати етказган.
Гумонланувчилар — гуруҳ етакчиси Суннатулло Холмуродов (1998 й.т.), шунингдек Элбек Каримов, Баҳриддин Жумаев, Азамат Давлатов ва Жавоҳир Жўраев ушланиб, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар органлари ушбу гуруҳ фаолиятидан жабр кўрган фуқароларни 102 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди.






