Кеча, 25 январь куни АҚШда кучли қишки бўрон оқибатида 1 миллиондан ортиқ уй-жой электр таъминотисиз қолди, 10 мингдан зиёд авиақатновлар бекор қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
PowerOutage.us сервиси маълумотларига кўра, Тошкент вақти билан соат 00:16 ҳолатига кўра, Теннесси штатида камида 330 минг, Миссисипи ва Луизиана штатларида эса 100 мингдан ортиқ уй-жойда электр узилган. Шунингдек, Техас, Кентукки, Жоржия, Ғарбий Виржиния ва Алабама штатлари ҳам бўрондан зарар кўрган ҳудудлар қаторида қайд этилган.
FlightAware парвозларни кузатиш сайтининг маълумотларига кўра, АҚШ бўйлаб 11 мингга яқин авиақатнов бекор қилинган.
Шу билан бирга, Вашингтондаги Роналд Рейган номидаги миллий аэропорт кеча барча рейслар бекор қилинганини эълон қилган. Нью-Йорк, Филаделфия ва Шимолий Каролинадаги йирик аэропортларда рейсларнинг 80 фоиздан ортиғи бекор қилинган.
Бўрон туфайли транспорт ва электр тизимида юзага келган муаммолар аҳолига жиддий ноқулайликлар туғдирди, ҳукумат ва фавқулодда хизматлар вазиятни барқарорлаштириш бўйича иш олиб бормоқда.






