Экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик экспертиза маркази маълум қилишича, жамоатчилик эшитуви 23 январь куни Бўстонлиқ тумани ҳокимияти биносида ташкил этилади. Муҳокамада лойиҳанинг режалаштириш ечимлари, ҳаво, сув ва тупроққа таъсири, чиқиндилар билан ишлаш, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳамда экологик хавфсизлик чоралари кўриб чиқилади.
Маълумот учун, Sea Breeze Uzbekistan халқаро туристик маркази лойиҳаси 2024 йил декабрь ойида озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларов томонидан тақдим этилган. Лойиҳа доирасида Чорвоқ сув омбори соҳилида дам олиш ҳудудлари, пляжлар, меҳмонхоналар, турар жой мажмуалари, савдо ва умумий овқатланиш масканларини барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиард долларгача баҳоланган.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси Sea Breeze Uzbekistan лойиҳасини амалга ошириш шартларини белгилаб, 577 гектар ер майдонини 25 йил муддатга ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Экология вазирлиги лойиҳа доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари устидан доимий назорат олиб борилишини маълум қилган.






