Андижон вилоятида одамларни қурол ва ўткир тиғли жисмлар билан таҳдид қилиб, пул ва криптоактивларни товламачилик йўли билан ўзлаштириб келган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИВ тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида “Шайтон”, “Ҳожи” ва “Муфтий” лақаблари билан танилган шахслар қўлга олинган. Улар ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириб, криптоайирбошлаш билан шуғулланган фуқарони қўрқитиш орқали 100 минг АҚШ долларига тенг криптовалютани ноқонуний равишда ўзлаштирган.
Шунингдек, гуруҳ аъзолари кўчада оддий фуқароларга нисбатан ҳам зўравонлик қилгани, айрим ҳолатларда чет элда ҳам жиноятлар содир этгани аниқланган. Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг товламачилик, талончилик ва бошқа моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Ички ишлар органлари ушбу гуруҳ ҳаракатларидан жабр кўрган фуқароларни 102 рақамига мурожаат қилишга чақирди.






