Терговда журналистик фаолият ниқоби остида тизимли товламачилик ва фирибгарлик ҳолатлари аниқлангани айтилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти маълумотига кўра, “Элита Медиа” МЧЖ тасарруфида фаолият юритган Taftish.uz лойиҳаси вакиллари жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик, фирибгарлик, туҳмат ва ёлғон ахборот тарқатиш билан шуғулланганликда гумонланмоқда. 27 нафар фуқаронинг мурожаатлари асосида Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Терговда аниқланишича, гуруҳ аъзолари фуқаролар ва тадбиркорлар ҳақида салбий видеоматериаллар тайёрлаб, уларни интернетда тарқатган. Кейинчалик ушбу материалларни ўчириш ёки янги видеолар чиқармаслик эвазига пул талаб қилинган. Айрим ҳолатларда бир мавзу бўйича икки марта — аввал ёритиш, сўнг олиб ташлаш учун маблағ олинган.
Хусусан, Тошкентдаги «Чилонзор буюм савдо комплекси» ва Самарқанд вилоятидаги қурилиш компанияси билан боғлиқ ҳолатларда катта миқдордаги пуллар талаб қилингани, маблағлар шахсий банк карталарига ўтказилгани қайд этилган. Шунингдек, Наманган вилоятида оилавий можаро юзасидан кетма-кет 18 та видеоролик тарқатилиб, кейин уларни ўчириш учун пул сўралгани маълум қилинган.
ИИВ тергов ҳаракатлари давом этаётганини билдириб, ушбу гуруҳ фаолиятидан жабр кўрган бошқа фуқароларни ҳам белгиланган тартибда мурожаат қилишга чақирди.






