Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, Taftish.uz сайти билан боғлиқ тўрт нафар шахс товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб ушланган.
Бугун, 16 январь куни “Taftish.uz” оммавий ахборот воситасининг тўрт нафар ходими товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддаси (фирибгарлик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев ҳамда “Taftish.uz” ходимлари — 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Ҳамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ва 1998 йилда туғилган Дилшод Нишонов процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда уларнинг қўшимча равишда Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ва 244-6-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Шу билан бирга, “Taftish.uz” оммавий ахборот воситаси ёпилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз экани, нашр ўз кундалик фаолиятини давом эттираётгани маълум қилинди. Ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилиши айтилган.






