Бугун, 14 январь куни Таиланднинг Накҳон Ратчасима провинциясида Бангкокдан Убон Ратчатҳани шаҳрига йўл олган йўловчи поезди устига қурилиш крани қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Транспорт вазирлигига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Таиланднинг шимоли-шарқида жойлашган ҳудудда қурилиш крани поезднинг учта вагони устига қулаб, поезднинг рельсдан чиқиб кетишига сабаб бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, камида 19 киши ҳалок бўлган, 80 га яқин йўловчи жароҳат олган.
Фожиа 14 январь куни эрталаб Сикҳио туманида, Бангкокдан тахминан 230 километр шимоли-шарқда жойлашган ҳудудда содир бўлган. Поезд пойтахтдан Убон Ратчатҳани провинцияси томон ҳаракатланаётган бўлган.
Маҳаллий полиция маълумотига кўра, вайроналар остида ҳали ҳам топилмаган жасадлар бўлиши мумкин. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
“Ўн тўққиз кишининг жасади топилди, аммо краннинг сурилиб кетиши хавфи борлиги сабабли поезд вагонлари ичида қолиб кетган айрим одамларни ҳозирча олиб чиқиш имкони бўлмаяпти. Шу сабабли қутқарувчилар вақтинча ортга чекинишга мажбур бўлди”, — дейди полиция полковниги Татчапон Чиннавонг.
Транспорт вазири Пҳипҳат Ратчакитпракарн ўз баёнотида поезд бортида 195 нафар йўловчи бўлганини маълум қилиб, ҳодиса юзасидан батафсил тергов ўтказишни буюрганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти кран уриб юборган учта вагоннинг иккитасида бўлган.
Кран юқори тезликдаги темир йўл лойиҳаси доирасида олиб борилаётган қурилиш ишлари вақтида қулаб тушган. Кран ўтаётган поездга урилиши оқибатида поезд рельсдан чиқиб кетган ва қисқа вақт ичида ёнғин келиб чиққан.
Маълумот учун, мазкур юқори тезликдаги темир йўл линияси Таиландда амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири бўлиб, у мавжуд темир йўл тармоғи устидан қурилаётган эди.






