Тошкент шаҳрида эркакни калтаклаб, комага тушириб қўйган Акмал Шукуровни қамоқдан озод этишга сабаб бўлган судьяларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажонов ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Обидов ва Муҳтарама Тургуновага адолатсиз суд қарорини чиқариш ва суд ишларига аралашиш моддалари билан айблов эълон қилинган.
Тергов материалларига кўра, улар апелляция инстанциясида биринчи инстанция суди ҳукмини ноқонуний равишда ўзгартириб, Акмал Шукуровни суд залидан озод қилган. Кейинчалик протест асосида ушбу ажрим бекор қилиниб, Шукуровга нисбатан 5 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ҳозирда мазкур иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.






