Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида сўзга чиқди.
Давлат раҳбари минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиш, миллий армия салоҳиятини изчил мустаҳкамлаб бориш бугунги кун талаби эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига ҳар доим тайёр туриши, бунинг учун эса тезкор, юқори технологияли ва янги жанг шароитларига мос бўлиши лозим.
Йиғилишда қўшинларни сунъий интеллектга асосланган роботлашган мажмуалар ва учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа ҳамда разведка воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Мутасаддиларга шахсий маълумотлар ва рақамли тизимлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.






