Арманистон ТИВ матбуот котиби Ани Бадалян маълум қилишича, норозилик Соловёвнинг давлат телеканалида айтган фикрлари билан боғлиқ. Унда телебошловчи Арманистон ва Марказий Осиё республикалари ҳудудида Россия томонидан “махсус ҳарбий операция” ўтказиш эҳтимолини очиқчасига тилга олган.
“Давлат телеканали эфирида билдирилган бу баёнотлар Арманистон Республикаси суверенитетига номақбул тажовуз, душманлик кўриниши бўлиб, Арманистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг асосий тамойилларини қўпол равишда бузади”, — деди Бадалян.
Россия ва Арманистон расман иттифоқчи давлатлар саналади. Ҳар икки мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Божхона иттифоқига аъзо. Бироқ сўнгги йилларда, айниқса Озарбойжон билан можаро фонида Россиянинг Арманистонни етарли даражада қўллаб-қувватламагани сабаб расмий Ереван АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтиришга уринмоқда. Шу билан бирга, Россия телеканалларида Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳукумати мунтазам танқид қилиб келинади.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Соловёв аввалроқ Россия “халқаро ҳуқуққа тупуриб”, Арманистон ва Марказий Осиё давлатларининг Россия “таъсир доираси”дан чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун уларнинг ички ишларига куч билан аралашиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.
У ўз чиқишида Арманистондан “айрилиш” Россия учун стратегик инқироз бўлишини, Марказий Осиёдаги вазият эса миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солишини таъкидлаб, Украинадаги каби ҳарбий амалиётлар бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилиши мумкинлигини айтганди.
Мазкур фикрлар нафақат Арманистонда, балки Марказий Осиё мамлакатларида ҳам кескин норозиликка сабаб бўлди. Хусусан, Ўзбекистонда жамоатчилик расмийлардан қатъий позиция билдиришни сўраб, Марказий Осиё давлатлари биргаликда норозилик нотаси топшириши кераклигини таъкидламоқда.






