Урганч туманида автомобиль газ қувурига шикаст етказиши натижасида айрим истеъмолчиларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилди, дея хабар бермоқда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ.
Маълум қилинишича, ҳолат Хоразм вилояти Урганч туманида содир бўлган. Тумандаги "Боғдорчи", "Кўхнаовул" ва "Оқолтин" МФЙларини газ билан таъминловчи қувурни автомобиль уриб юбориши натижасида газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилган.
Натижада юқоридаги ҳудудлардаги 687 та аҳоли ва 7 та улгуржи истеъмолчиларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Айни вақтда туман газ таъминоти бўлимининг авария бригадаси томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг газ таъминоти қайта тикланади, дейилади хабарда.






