АсосийЖамият

Шофирконда Damas ва Labo оммавий ушлаб турилгани ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берилди

Бухоро вилояти ИИБ Шофиркон туманида юзлаб Damas ва Labo автомашиналари ҳужжатсиз ушлаб турилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

'Шофирконда Damas ва Labo  оммавий ушлаб турилгани ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берилди'ning rasmi

Маълум қилинишича, 7 январь куни Шофиркон туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 2011 йилда туғилган вояга етмаган бола тан жароҳати билан шифохонага олиб келинган. Дастлабки текширувларга кўра, бола велосипедда ҳаракатланаётган вақтда оқ рангли Damas автомашинаси билан тўқнашган, ҳайдовчи эса ҳодиса жойини тарк этган.

Гумонланувчи ва транспорт воситасини аниқлаш мақсадида туманда ҳаракатланган оқ рангли  Damas ва Labo автомобиллари вақтинча текширувдан ўтказилган. ИИБ маълумотига кўра, барча машиналар қонуний тартибда кўздан кечирилган ва ҳуқуқбузарлик аниқланмаган ҳолатларда дарҳол эгаларига қайтарилган.

9 январь ҳолатига гумонланувчи шахс аниқланиб, у ўз айбига иқрор бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунчилик доирасида процессуал чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, ҳайдовчиларнинг узоқ вақт асоссиз ушлаб турилгани ҳақидаги хабарлар расмий тасдиқини топмаган. ИИБ барча ҳаракатлар фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятни фош этиш мақсадида амалга оширилганини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар