Тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар бор, минглаб одамлар шаҳарни тарк этмоқда.
7 январь куни Суриянинг Ҳалаб шаҳрида Сурия армияси ва Сурия Демократик кучлари (СДК) ўртасида шиддатли жанглар бошланди. Маҳаллий манбаларга таяниб, Reuters хабар беришича, тўқнашувлар натижасида камида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган.
Хабарларга кўра, ҳукумат кучлари СДК назоратидаги Шайх Мақсуд ва Ашрафия маҳаллаларидаги позицияларни “қонуний ҳарбий нишонлар” деб эълон қилган. Жанглар фонида Ҳалабдан тахминан 10 минг нафар тинч аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.
Сўнгги воқеалар шаҳар ҳаётини издан чиқарди: аэропорт ва Туркияга олиб борувчи автомагистраль ёпилди, саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш тўхтади. Дамашқ расмийлари ҳужумлар СДК томонидан амалга оширилган зарбаларга жавоб эканини билдирган бўлса, курд томон ҳукуматни тинч аҳолига хавф туғдираётган эскалацияда айбламоқда.
Эслатиб ўтамиз, томонлар ўтган йили СДКни марказий ҳукумат тузилмаларига интеграция қилиш бўйича келишувга эришган эди, бироқ амалда бу жараён натижа бермаган.






