Жорий йил 1 январга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида қўлбола пиротехника воситаларидан фойдаланиб, мушакбозлик уюштирган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 31 декабрь куни соат 23:55 да Қўқон шаҳри А. Чархий кўчасида шу ерда яшовчи фуқаролар Янги йил байрамини нишонлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, мушакбозлик уюштиришга уринган. Тахминан 10–15 нафар шахс томонидан Ўзбекистон туманининг Оҳунқайнар қишлоғида қўлбола усулда тайёрланган пиротехника воситалари отилган.
Туман Ички ишлар бўлими томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар аниқланган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 185¹-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, иш судга юборилган.
Ҳуқуқбузарлардан бири тушунтиришида, “ракетага ўхшаш макет ясалгани, “коробка” усти рангли скотч билан ўраб чиқилгани, ичига эса кичик ҳажмдаги пиротехника жойлаштирилиб, отилгани»ни маълум қилган.
Суд қарорига кўра, ушбу шахсларнинг ҳар бирига 15 сутка маъмурий қамоқ ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳрида 1 январга ўтар кечаси оммавий тартибсизликлар юз бергани ва автомобиль ёқиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинчалик Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур хабарларни рад этган.






