Швейцариянинг UBC банки эълон қилган тадқиқотга кўра, 2025 йил апрелига қадар бўлган бир йил ичида дунёдаги миллиардерлар сони 2919 кишига етган. Уларнинг умумий бойлиги ўтган йилга нисбатан 13 фоизга ўсиб, 15,8 триллион долларни ташкил этган.
Маълум қилинишича, янги миллиардерларнинг 91 нафари бойликни мерос орқали қўлга киритган бўлиб, мерос сифатида ўтган маблағлар ҳажми 298 млрд долларга тенг. Яқин 15 йил ичида эса миллиардерлардан меросхўрларга камида 5,9 триллион доллар ўтиши кутилмоқда.
Минтақалар кесимида АҚШ етакчиликни сақлаб қолмоқда: бу ерда миллиардерлар бойлиги 6,9 триллион долларга етган, улар сони эса 924 нафарни ташкил этади. Иккинчи ўринда Осиё–Тинч океани минтақаси (4,2 триллион доллар), ундан кейин Европа, Яқин Шарқ ва Африка (4,1 триллион доллар) жойлашган.
Тармоқлар бўйича энг катта ўсиш ишлаб чиқариш соҳасида кузатилиб, бу йўналишда миллиардерлар бойлиги 27,1 фоизга ошиб, 1,7 триллион долларга етган. Шунингдек, IT, молия ҳамда истеъмол товарлари ва чакана савдо соҳаларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган.






