Бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Россия Президентининг Нижний Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қатъий қоралади.
Бундай хатти-ҳаракатлар барқарорлик ва хавфсизликка, шу жумладан узоқ муддатли тинчликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларга таҳдид солиши таъкидланди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Суҳбат якунида етакчилар кириб келаётган янги – 2026 йил муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва фаровонлик, икки мамлакатнинг биродар халқларига эса тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тиладилар.






