Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Жалақудуқ туман суди 25 ёшли И.Х.ни ёлланганликда айбли деб топди. Ҳужжатларга кўра, у 2022 йил декабрь ойида Россияга кетиб, “Яндекс” хизмати орқали буюртмаларни етказиб бериш билан шуғулланган. 2023 йил январь ойида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси учун 8 йилга қамалган.
2024 йил августда жазони ўтаётган И.Х. Россия Қуролли Кучлари билан шартнома тузиб, Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар зонасига юборилган ва Донецкда оғир яраланган. 2025 йил сентябрда Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг қўлга олинган.
Суд И.Х.ни ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш) бўйича айбли деб топиб, 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бироқ ёшлиги, аввал судланмаганлиги, айбига иқрорлиги ва саломатлик ҳолати инобатга олинган ҳолда, жазо 2 йил синов муддати билан шартли қилиб белгиланди.






