Наманган вилоятида “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиали бошлиғи ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У юқори лавозимдаги танишлари орқали фуқарони туман кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш ҳамда омборга келувчи кўмир ортилган юк вагонлари сонини кўпайтириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тергов маълумотларига кўра, 6 декабрь куни мансабдор сўралган пулнинг 25 минг долларини олиб, фуқарони омбор мудири лавозимига тайинлашни таъминлаган. Кейинчалик у қолган 15 минг доллар ва қўшимча равишда 30 та вагон учун улуш сифатида 7,5 минг доллар — жами 22,5 минг доллар талаб қилган.
Мазкур пул маблағини воситачи орқали олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилди. Айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а”банди ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан иш қўзғатилиб, “қамоқ”эҳтиёт чораси қўлланилди.
Қайд этилишича, кўрилган чоралар натижасида аҳолига кўмир маҳсулотларини ўз вақтида ва имтиёзли нархларда етказиб бериш таъминланган.






