Туркиянинг “Фенербаҳче” клуби президенти Садеттин Саран топширган наркотик моддалар бўйича тест ижобий натижа кўрсатди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Садеттин Саран хорижий сафардан қайтгач, тергов доирасида сўроққа чақирилган. Ўтказилган текширувларда наркотик модда излари унинг сочларида аниқланган, бироқ қон таҳлилларида бундай моддалар топилмаган. Мазкур ҳолат бўйича ҳужжатлар Истанбул прокуратурасига юборилган.
TRT Ҳаберънинг ёзишича, Туркияда жорий йил октябрь ойидан буён гиёҳванд моддалар савдосига қарши кенг кўламли текширувлар олиб борилмоқда. Ушбу терговлар доирасида бир қатор журналистлар, актёрлар ва блогерлар ҳам қўлга олинган.
Маълумот учун, айни вақтда “Фенербаҳче” Туркия Суперлигаси турнир жадвалида 39 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва етакчи “Галатасарой”дан 3 очкога ортда қолмоқда.






