Президент Шавкат Мирзиёев "Божхона маъмурчилиги ва ташқи савдо тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.
2026 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлар божхона божларини тўлашда 120 кунгача муддатга кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Бунда хатарларни бошқариш тизими натижаларига кўра, уларга камайтирилган миқдорда таъминлов (кафолат) тақдим этилади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2027 йилгача экспорт ва импорт товарларини тўғридан-тўғри чегарада расмийлаштириш ҳажмини икки баробар ошириш режалаштирилган. Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш орқали товарларни эркин муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга ошириш кўзда тутилган.
2026 йил 1 мартдан бошлаб товарларни чегара пунктларига етиб келишидан олдин дастлабки декларация орқали «эркин муомала учун чиқариш» божхона режимига жойлаштиришда қуйидагилар режалаштирилмоқда:
• божхона расмийлаштируви йиғимини 20 фоизга камайтириш;
• 2026 йил 1 майдан бошлаб импортёрлар даврий декларация асосида товарларни расмийлаштиришда ҳар бир партия учун божхона тўловларини алоҳида тўлаш имкониятига эга бўлади.
Агар божхона органларининг ахборот тизими хавф-хатарларни аниқламаса, юкларга оид декларациялар қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда расмийлаштирилади:
• юклар йирик солиқ тўловчилар, давлат ташкилотлари ёки давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган компаниялар томонидан олиб кирилганда;
• ушбу юкларга нисбатан тариф ёки нотариф чекловлар қўлланилмаган бўлса.
Барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражани эгаллаган ваколатли иқтисодий операторлар божхона тўловлари ва солиқларни қайтариш ёки ўзаро ҳисоб-китоб қилишни соддалаштирилган тартибда амалга оширишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, уларга товарларни қайта ишлашга — жумладан, қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби операцияларга рухсат берилади.
Бундан ташқари, ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия импорт хомашёсига солиқ тайёр импорт маҳсулотига нисбатан юқори бўлган товарлар рўйхатини шакллантиради. Импорт божи қайта ишлаш маҳсулотларидан белгиланган тарифлар асосида ундирилади, имтиёзлар эса бевосита қайта ишлаш маҳсулотларига қўлланилади. Ушбу тартиб тажриба тариқасида 2026 йил 1 мартдан 2027 йил 1 мартгача амал қилади.






