Жисмоний шахслар учун микроқарз ва истеъмол кредитларини олиш мумкин бўлган максимал миқдорлар белгиланди. Адлия вазирлиги шу бўйича тегишли қарорни давлат рўйхатидан ўтказди.
Қайд этилишича, энди банкларга ўрнатиладиган макропруденсиал нормативларга қарз олувчининг истеъмол кредитлари ва (ёки) микроқарзлари бўйича қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичини ҳисоблаш талаби қўшилди.
2026 йил 1 мартдан бошлаб агар қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) ўртача ойлик даромадини аниқлаш имконияти мавжуд бўлса, қарз миқдори даромаднинг 8 бараваридан, аниқлаш имкони бўлмаса — 5 бараваридан ошмаслиги керак.
Масалан, қарз олувчининг ўртача ойлик даромади 5 миллион сўмни ташкил этса, у даромадининг 8 баравари, яъни 40 миллион сўмдан ортиқ миқдорда истеъмол кредити ёки микроқарз ололмайди.
Мазкур талаб якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган кредитлар ва таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.






