АсосийЖамият

Ўзбекистонда Япониянинг Сукуба университети фаолият бошлайди

Шавкат Мирзиёев Япония билан таълим, фан ва инновациялар соҳаларида стратегик шерикликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

'Ўзбекистонда Япониянинг Сукуба университети фаолият бошлайди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токиога расмий ташрифи доирасида Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Матсумото Ёхей, Япония фанни илгари суриш жамияти президенти Сугино Суёси ҳамда Япониянинг Сукуба, Нагоя, Тоттори университетлари, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети, Нагоя иқтисодиёт университети каби етакчи олий таълим муассасаларининг раҳбарлари билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари Япония “иқтисодий мўъжизаси”нинг асосини ташкил этувчи таълим, фан ва инсон капиталини ривожлантиришга инвестициялар Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигининг стратегик йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Япония узоқ йиллар давомида фанга сарфланадиган харажатлар ва илмий патентлар сони бўйича етакчилар сафида туришини қайд этди. Мамлакат кўплаб атоқли олимларни, хусусан, физика, кимё ва тиббиёт соҳаларида Нобел мукофоти совриндорларини етиштириб чиқарди.

Япония мактаб таълими модели табиий фанлар ва математика бўйича кучли таянч базаси мавжудлиги, дарс ўтишнинг юқори сифати, меҳнацеварлик, жамоа бўлиб ишлаш ва интизом маданияти билан ажралиб туради. Нуфузли япон дипломлари, айниқса, муҳандислик, робототехника, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида бутун дунёда юксак қадрланади. Японияда таълим ва фан билан саноат ва бизнес ўртасида яқин ва мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Бугунги кунда 2,8 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба Япониянинг етакчи таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Биргина ЖДС стипендия дастури бўйича 440 дан зиёд давлат хизматчилари Японияда ўқитилди.

Ректорлар форуми ўзаро алоқалар учун самарали майдонга айланди. Октябр ойида Самарқандда икки мамлакатнинг қарийб 50 та университети ректорлари иштирок этган бешинчи форум муваффақиятли ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда таълим ва фанни ривожлантиришга мамлакатни жадал модернизация қилиш, унинг рақобатбардошлиги ҳамда глобал интеллектуал ва технологик маконга интеграциялашувини таъминлашнинг асоси сифатида қаралишини таъкидлади. Сўнгги 7-8 йил ичида бу соҳада салмоқли ишлар амалга оширилди. Бироқ ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар ҳам кўп.

Илм-фанни тизимли трансформация қилиш доирасида янги авлод тадқиқотчиларини шакллантириш, соҳа фаолиятини кластер модели асосида ташкил этиш, муҳим илмий йўналишлар бўйича ресурсларни жамлаш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Бугунги учрашувда қатнашган Япония университетлари мамлакатимиз учун энг долзарб бўлган сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, “яшил” энергия ва барқарор ривожланиш, сейсмология ва “ақлли шаҳар” технологиялари каби соҳалар бўйича мустаҳкам илмий-тадқиқот инфратузилмасига ва юқори илмий ҳамда педагогик салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.

Ушбу йўналишлар бўйича Ўзбекистон университетлари билан яқин ҳамкорлик бошланган. Куни кеча қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қизғин музокаралар бўлиб ўтди ва янги келишувларга эришилди.

Ҳамкорликни янада ривожлантириш учун таълим ва фан бўйича қўшма комиссия, инновациялар бўйича консорсиум ташкил этиш, флагман лойиҳалар, шу жумладан ўқув жараёнига СИни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда муҳандислик мутахассисликлари бўйича ўқув дастурини ишга тушириш таклиф қилинди.

Тадбир доирасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Сукуба университети билан биргаликда Ўзбекистонда олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум ҳамда илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида бир қатор бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Эришилган келишувларни тизимли ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш учун “йўл харитаси” қабул қилинади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Тожикистондан олиб келинаётган 100 кгдан ортиқ наркотик модда “манзилга етолмади”'ning rasmi

    Жамият Бугун 13:12

    'Тошкентда ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этди'ning rasmi

    Жамият Бугун 12:10

    Тошкентда ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этди

    Lacetti ва Nexia-3 тўқнашуви оқибатида автомашина салонида бўлган йўловчи воқеа жойида вафот этган.

    'Россияда уч нафар ўзбекистонлик терактга тайёргарлик кўришда айбланди'ning rasmi

    Жамият Бугун 09:51

    Россияда уч нафар ўзбекистонлик терактга тайёргарлик кўришда айбланди

    3 нафар ўзбекистонлик маҳкум "муассаса ходимларини гаровга олиб, колония биноларига ўт қўймоқчи" бўлган.

    'Бугун республиканинг айрим ҳудудларида қор ёғади'ning rasmi

    Жамият Бугун 08:27

    Бугун республиканинг айрим ҳудудларида қор ёғади

    20 декабрь кунги об-ҳаво маълумотлари эълон қилинди.

    'Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига Ўзбекистоннинг тўртта компанияси ва тадбиркорлари киритилди'ning rasmi

    Жамият 19.12.2025 19:06