АсосийЖамият

Соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди — Саида Мирзиёева

Президент Администрацияси раҳбари Ургутнинг чекка қишлоқларидан биридаги поликлиникада шароит йўқлигини танқид қилди.

'Соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди — Саида Мирзиёева'ning rasmi

Саида Мирзиёева Ургутнинг чекка қишлоқларидан биридаги “Навоий” поликлиникасига бориб у ердаги аҳвол талабга жавоб бермаслигини танқид остига олди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди.

“1972 йилда қурилган бино капитал таъмирга, янги стандартлар ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож. Муассаса 13 мингдан ортиқ аҳоли учун бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади. 16 та қишлоқда яшовчи аҳоли учун эса бу туғруқни қабул қиладиган энг яқин ва ягона тиббиёт маскани. Юклама ниҳоятда катта, шароит эса изоҳ талаб қилмайди. Зах хоналарнинг кулранг ойналарига урилаётган ёмғир томчилари ҳам вазиятни акс эттиряпти”, — дейди Мирзиёева.

Шунингдек, у ҳолатга фикр билдирар экан, бу битта поликлиниканинг муаммоси эмаслигини таъкидлади.

“Бу жараён фақат биноларни таъмирлаш билангина чекланмайди, балки бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилади. Бугун кўрганларим шуни яна бир бор исботлади: соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди”,— дея ёзади администрация раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Самарқанддан Ургут вокзалигача янги темир йўл орқали боргани ҳақида хабар берган эдик. 

Администрация раҳбари ушбу сафар чоғида Ургутда эркин иқтисодий зона шаклланиши, тадбиркорлар, йўловчилар учун масофа ва харажатларни қисқартиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилма бўлишини таъкидлади. 

    Бошқа янгиликлар