Қозоғистон Республикаси парламенти Мажлиси (қуйи палата) тиббиёт ходимлари ва тез ёрдам ҳайдовчиларига нисбатан зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Zamon.uz нашри маълум қилди.
Қабул қилинган қонунга мувофиқ, Жиноят кодексига янги модда киритилиб, тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик алоҳида жиноят таркиби сифатида белгиланди. Оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган зўравонлик учун 7 йилдан 12 йилгача, оғирлаштирувчи ҳолатларсиз ҳолатларда эса 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, тиббиёт ходимларининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирмайдиган зўравонлик ҳаракатлари учун 7 600 АҚШ долларигача жарима, 600 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланилиши белгиланди. Тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик билан таҳдид қилиш ҳам жиноят сифатида баҳоланиб, бунинг учун 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Мазкур қонун бир қатор шов-шувли воқеалардан сўнг қабул қилинди. Жумладан, Қостанай вилоятидаги шифохонада жарроҳга қилинган ҳужум оқибатида у оғир аҳволда реанимацияга ётқизилган эди. Ушбу ҳолатдан кейин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев тиббиёт ходимларига қарши жиноятлар учун жазоларни кучайтириш бўйича топшириқ берган.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова жорий йил июль ойида фуқароларни тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонликни тўхтатишга чақириб, тиббиёт муассасаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилган эди.






